Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бола (болалар) — ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар);
боланинг энг устун манфаатлари — боланинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, қонунларида, халқаро шартномаларида назарда тутилган, унинг оила ғамхўрлигида ўсиб-улғайишга, фаровон яшашга, хавфсизликка, соғлиғини сақлашга, билим олишга, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишга, шахсий дахлсизликка, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқларидан, шунингдек ижтимоий, ахлоқий манфаатларидан ҳамда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, бола иштирокида ва унинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланадиган ҳамда ҳимоя қилинадиган манфаатлари;
боланинг қонуний вакиллари — ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар;
васийлик ва ҳомийлик — ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади;
етим бола — отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган бола;
жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола — ногиронликни белгилаш учун етарли бўлмаган жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлган бола;
ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар — юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган, давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя қилишга ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож болалар, шу жумладан:
ногиронлиги бўлган болалар;
жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар;
етим болалар;
ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган болалар;
муайян яшаш жойига эга бўлмаган болалар;
кам таъминланган оилалардаги болалар;
жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар;
зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар;
ногиронлиги бўлган болалар (бола) — барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари мавжудлиги оқибатида ҳаёт фаолияти чекланганлиги муносабати билан давлат ва жамият томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилишига ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож бўлган болалар (бола);
ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар — қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар);
ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола — ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ёки чекланганлиги, бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги ёхуд муомалага лаёқати чекланганлиги, болани тарбиялашдан ёки унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганлиги, шу жумладан, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортганлиги ёхуд ота-она қарамоғи мавжуд бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли ота-она ёки ягона ота (она) қарамоғидан маҳрум бўлган бола.
lex.uz’dagi asl matn«Bola huquqlarining kafolatlari to'g'risida»gi qonun
3-modda. Асосий тушунчалар
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 1 июлдаги ЎРҚ-1156-сонли Қонунига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.07.2026 й., 03/26/1156/0670-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.