«Bola huquqlarining kafolatlari to'g'risida»gi qonun

22-modda. Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи кафолатлари

(22-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга. Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади. Давлат болаларга қонунчиликка мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди. Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади: малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш; боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикаси; болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш; талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш; боланинг физиологик хусусиятлари ва соғлиғи ҳолатига жавоб берадиган таълим олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитларини яратиш; касбга яроқлиликни аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳат бериш; санитария-гигиена таълими бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш; соғлиғининг ҳолати тўғрисида бола учун қулай бўлган тарзда зарур ахборотни тақдим этиш. Ўн тўрт ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга. Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади. Давлат махсус чекловларни жорий этиш ва махсус профилактика дастурларини амалга ошириш орқали болани алкоголга мойилликдан, чекишдан, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва интеллектуал-иродавий фаолиятга таъсир кўрсатадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.