Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Ушбу масала бўйича ота ва она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик суд томонидан ҳал қилинади.
Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар боланинг йўқолганлиги ҳақида тегишли органларга дарҳол хабар беришлари шарт.
Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ҳамроҳлигида бўлмаган болалар уларнинг ёнига кафолатли қайтарилиш ҳуқуқига эга.
Болани ота ёки она ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш, яъни ота-онанинг, улар ўрнини босувчи шахснинг болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаши ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахснинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, шу жумладан болани ўз ота-онасига ёки яқин қариндошларига ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланмаган ва тегишли давлатнинг қонунчилигига биноан зарур ваколатларга эга бўлган ташкилотга топширмасдан қолдириш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Ота-онаси бедарак йўқолган деб топилган ёки улар вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи ана шу болаларни оилага, бундай имконият бўлмаганда эса етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган муассасаларга жойлаштириш чораларини кўради.
Қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз чет элда турган болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ давлат ижро этиш мақсадлари, шакллари ва усулларидан қатъи назар, болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўради.
lex.uz’dagi asl matn«Bola huquqlarining kafolatlari to'g'risida»gi qonun
14-modda. Боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатлари
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 мартдаги ЎРҚ-823-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.03.2023 й., 03/23/823/0150-сон — 2023 йил 16 июндан кучга киради)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.