Божхона кодекси

407-modda. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш

(407-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни божхона чегараси орқали назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ижозати ҳамда назорати остида божхона ҳудудига уларни олиб кириш, ушбу ҳудуддан олиб чиқиш ёки олиб кирилган ашёларни ундан олиб ўтишга йўл қўйиладиган тезкор-қидирув тадбиридир. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва бошқа ашёлар халқаро қонунга хилоф муомалада бўлишининг олдини олиш, шунингдек бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатларнинг ваколатли органлари билан келишувларга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланади, яъни қонунга хилоф равишда муомалага киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг, шунингдек бошқа ашёларнинг ўз назорати остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, бу ҳудуддан олиб чиқилишига ёки транзит тарзида олиб ўтилишига йўл қўяди. Назорат остида етказиб бериш усули жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга нисбатан ўзи билан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиш контрабанда деб ҳисобланувчи ашёларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар бир алоҳида ҳолда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган томонидан қабул қилинади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар божхона органлари билан келишилган ҳолда товарларни назорат остида етказиб беришни амалга оширади. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида жиноят иши қўзғатилмайди. Назорат остида етказиб беришни амалга оширувчи орган раҳбари қабул қилинган қарор ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини дарҳол хабардор қилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.