Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлиги белгилари мавжуд бўлган товарлар аниқланганда божхона органлари Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилмаган интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни ушбу моддада назарда тутилган тартибда, ҳуқуқ эгасининг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги аризасисиз тўхтатиб туришга ҳақли.
Товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ва бекор қилиш ушбу моддага мувофиқ божхона органи раҳбарининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кўрсатмасига асосан амалга оширилади.
Божхона органлари қўшимча ҳуқуқларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг давлат реестридаги Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган товар белгилари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланади.
Товарларни чиқариб юбориш ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ тўхтатиб турилган тақдирда, божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлиги белгилари мавжуд бўлган товарлар аниқланганда ҳуқуқ эгасини ёки унинг ваколатли вакилини ва декларантни хабардор қилиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилади.
Божхона органлари интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида товар белгисининг ҳуқуқ эгаси тўғрисидаги маълумотларни (номи, манзили, телефон рақами, почта манзили) аниқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органига сўров юборади.
Сўровда ҳимоя қилиш чоралари татбиқ этилаётган товарлар тўғрисидаги ахборот кўрсатилади.
Божхона органлари ва Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг манзилини аниқлаш ва уни хабардор қилиш учун йигирма тўрт соат ичида барча зарур чораларни кўради.
Божхона органлари томонидан йигирма тўрт соат ичида ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили тўғрисидаги маълумотларни олиш имкони бўлмаган тақдирда, товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бекор қилинади ва товарларни чиқариб юбориш ушбу Кодексга мувофиқ амалга оширилади.
Интеллектуал мулк объектининг Ўзбекистон Республикасидаги ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда уларга хабар юборилади, шунингдек товарларни чиқариб юбориш уч иш кунига тўхтатиб турилади.
Агар мазкур муддат ичида ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили божхона органига:
товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш муддатини ўн иш кунигача узайтириш тўғрисида ариза бермаганда;
товарларнинг чиқариб юборилишини тўхтатиб туришни бекор қилиш ҳақида ариза берганда, божхона органлари ушбу Кодексга мувофиқ товарларни чиқариб юборишни амалга оширади.
Агар ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган муддатда божхона органларига ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризаси келиб тушган бўлса, уларни чиқариб юбориш дастлабки тарзда тўхтатиб турилган санадан эътиборан ўн иш кунига қадар тўхтатиб турилади. Бунда ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили ўн иш куни ичида қуйидагиларни божхона органига тақдим этиши керак:
1) интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги ҳақидаги иш бўйича суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажрими;
2) товарга нисбатан интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги ҳолати мавжуд эмаслиги тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, декларантга ва бошқа шахсларга етказилган мулкий зарарнинг, шунингдек божхона органлари томонидан амалга оширилган харажатларнинг ўрнини қоплаш бўйича мажбурият. Бунда мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги мажбуриятда ҳар бир интеллектуал мулк объекти бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдоридаги пул маблағлари тегишли божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади;
3) ушбу Кодекснинг 385-моддасида белгиланган тартибда интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар.
Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқлар бузилганлиги тўғрисидаги ишни судда кўриш тайинланганлиги ҳақидаги суд қарорини божхона органларига товарларни чиқариб юбориш дастлабки тарзда тўхтатиб турилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тақдим этган тақдирда, мазкур муддат ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг илтимосномасига кўра узайтирилиши, лекин кўпи билан ўн иш кунига узайтирилиши мумкин, бундан суднинг қарорида кўрсатилган бошқа муддатлар мустасно.
Ушбу моддада белгиланган талаблар товарларни чиқариб юбориш дастлабки тарзда тўхтатиб турилган кундан эътиборан ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан бажарилмаган тақдирда, товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бекор қилинади ҳамда уларни чиқариб юбориш ушбу Кодексга мувофиқ тикланади. Бунда декларантнинг ва божхона органларининг товарларни чиқариб юборишни ўн иш кунига тўхтатиб туриш бўйича харажатларининг ўрнини ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили қоплайди.
lex.uz’dagi asl matn382²-modda. Божхона органларининг интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларнинг божхона назоратини амалга оширишдаги қўшимча ҳуқуқлари
(382²-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.