Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:
божхона расмийлаштируви вақтида;
товар чиқариб юборилганидан кейин.
Божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:
декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усули ва миқдори уларни тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларга мос эмаслиги аниқланган бўлса;
божхона қиймати декларациясида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари миқдорига таъсир этган техник хатолар аниқланган бўлса.
Товар чиқариб юборилганидан кейин унинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:
шартли чиқариб юборилган товарга нисбатан унинг узил-кесил божхона қиймати декларантнинг ёки божхона брокерининг қўшимча ахбороти асосида аниқланса ёхуд декларант ёки божхона брокери ушбу Кодекснинг 321-моддасига мувофиқ божхона органи томонидан аниқланган божхона қийматини қабул қилса;
товарни декларациялашда содир этилган, товарнинг божхона қийматининг ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган техник хатолар аниқланган бўлса;
ҳужжатларнинг кейинги текшируви пайтида товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган нотўғри декларациялаш аниқланган бўлса;
маълум қилинган божхона қийматининг божхона ҳудудига олиб кирилган ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилган товарнинг миқдори ва (ёки) сифати контракт (шартнома, келишув) шартларидан четга чиқиши туфайли товарнинг ҳақиқий қийматига мос эмаслиги божхона декларациясини қабул қилиш санасида аниқланган бўлса. Божхона кўздан кечируви далолатномаси, шунингдек контракт (шартнома, келишув) тарафлари ўртасида келишилган, божхона тўловлари ундирилмайдиган товар бўйича — товарнинг миқдорига оид эътироз ёки божхона тўловлари ундириладиган товарлар бўйича — экспертиза хулосаси товарнинг мос эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади;
божхона тўловларининг суммалари қайтарилишига ёки қўшимча тўланишига олиб келадиган ёки товарнинг божхона қиймати миқдорига таъсир кўрсатган бошқа асослар юзага келган бўлса.
Агар товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг пайдо бўлишига олиб келган бўлса, ана шу қарздорлик суммасига ушбу Кодекснинг 349-моддасида назарда тутилган тартибда пеня ҳисобланади.
Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш қайси товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилаётган бўлса, фақатгина ўша товарга нисбатан амалга оширилади.
Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Агар декларант ёки божхона брокери божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига киритилган тузатишларга рози бўлмаса, товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш сабабларини ёзма равишда тушунтириб беришни божхона органидан сўраб олишга ҳақли.
Декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига сўров юборилиши декларантни ёки божхона брокерини божхона тўловларини тўлашдан озод этмайди.
Божхона расмийлаштируви учун ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши устидан декларант ёки божхона брокери белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn320-modda. Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш
(320-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2022 й., 03/22/748/0086-сон — 2022 йил 3 майдан кучга киради)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.