Божхона кодекси

304-modda. Олиб кириладиган товарга доир битим нархига киритиладиган харажатлар

(304-модда биринчи қисмининг «в» банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)

Олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса: а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар: ташиш қиймати; товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари; суғурта қиймати; б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар: воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно; контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса; ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати; в) сотиб олувчи томонидан бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита кўрсатиладиган қуйидаги хизматларнинг ва етказиб бериладиган бошқа товарларнинг тегишли тарзда тақсимланган қиймати: олиб кириладиган товарлар қайси хомашё, материаллар, деталлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқа товарлардан ишлаб чиқилган (иборат) бўлса, ўша хомашё, материаллар, деталлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бошқа товарлар; олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоблар, штамплар, қолиплар ва бошқа шу каби товарлар; олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқаришда сарфланган материаллар; божхона ҳудудидан ташқарида тайёрланган ва олиб кириладиган товарларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, муҳандислик, конструкторлик ишлари, дизайн, эскизлар ва чизмалар; г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар; д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади. Ушбу модда биринчи қисмининг «в» бандида кўрсатилган харажатлар олиб кириладиган товарларни божхона ҳудудига олиб чиқиш учун ишлаб чиқаришга ва сотишга қаратилиши керак. Ушбу моддада кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди. Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.