Божхона кодекси

301-modda. Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати

(301-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонунига асосан учинчи — саккизинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)

Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати асосини имкон қадар ушбу Кодекснинг 303-моддасида белгиланган мазкур товарнинг битим қиймати ташкил этиши керак. Ушбу бобнинг қоидалари Тарифлар ва савдо бўйича Бош битимнинг VII моддасида ҳамда Тарифлар ва савдо бўйича Бош битимнинг VII моддасини қўллаш тўғрисидаги битимда (Марокаш, 1994 йил 15 апрель) белгиланган умумий принциплар ва қоидаларга асосланади. Божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш товарларнинг ихтиёрий ёки сохта божхона қийматидан фойдаланишга асосланмаслиги керак. Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиб-таомиллари умум қўлланиладиган бўлиши керак, яъни улар товарларни етказиб бериш манбаларига, шу жумладан товарларнинг келиб чиқишига, товарлар турига, битим иштирокчиларига ва бошқа омилларга қараб фарқ қилмаслиги керак. Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиб-таомилларидан демпингга қарши курашиш мақсадида фойдаланилмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Тарифлар ва савдо бўйича Бош битими VII моддасини қўллаш тўғрисидаги битимнинг (Марокаш, 1994 йил 15 апрель), шу жумладан ушбу битимга доир шарҳларнинг тегишли қоидаларидан, шунингдек Жаҳон савдо ташкилотининг Божхона баҳолаш қўмитаси ва Жаҳон божхона ташкилотининг Божхона баҳолаш бўйича техник қўмитаси томонидан қабул қилинган товарларнинг божхона қийматига доир ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш усулларини танлашда ушбу боб қоидаларининг бир хил қўлланилишини таъминлашга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.