Ташқи савдо сиёсати амалга оширилаётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади.
Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:
1) халқаро йўналишда юклар, багаж ва йўловчилар ташишни амалга оширадиган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг йўлда қатнов вақтида, оралиқ тўхташ пунктларида бир маромда ишлаши учун зарур бўлган ёки транспорт воситаларида юз берган аварияларга (носозликларга) барҳам бериш учун божхона ҳудудидан ташқарида олинган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка;
2) Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига, чет эл валютасига (нумизматика мақсадида ишлатиладиган валюта бундан мустасно), шунингдек қимматли қоғозларга;
3) денгизда ов билан банд бўлган Ўзбекистон Республикаси кемаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахслари томонидан ижарага олинган (фрахт қилинган) кемаларнинг фаолиятини таъминлаш учун божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка, шунингдек уларнинг божхона ҳудудига олиб кириладиган ов маҳсулотига;
4) давлат мулкига айлантирилиши лозим бўлган товарларга;
5) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда инсонпарварлик ёрдами сифатида олиб кириладиган товарларга;
6) давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар ва шахслар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) учун олиб кириладиган товарларга;
7) учинчи давлатлар учун мўлжалланган ва божхона назорати остида божхона ҳудудидан божхона транзити божхона режимида олиб ўтиладиган товарларга;
8) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга;
Бунда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.
10) чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;
11) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;
12) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, шунингдек инвестор томонидан божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулотга;
13) Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга;
14) махсус ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларига;
14¹) махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари;
15) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, олимпия ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциациялар) таклифлари асосида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шакллантириладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт кийим-бошлари (экипировкалари), пойабзал, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари учун белгиланган божхона божи ставкасининг эллик фоизига;
16) товарларни қайта ишлашда ҳосил бўладиган чиқиндиларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда.
lex.uz’dagi asl matn297-modda. Тариф имтиёзлари
(297-модда иккинчи қисмининг 14-банди Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 ноябрдаги ЎРҚ-992-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2024 й., 03/24/992/0895-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.