Божхона кодекси

230-modda. Аризани кўриб чиқиш ва гувоҳнома бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш

(230-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги ЎРҚ-913-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2024 й., 03/24/913/0158-сон — 2024 йил 28 майдан кучга киради)

Гувоҳнома бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш учун божхона органи: гувоҳнома якка тартибда берилаётганда — тақдим қилинган транспорт воситасининг ушбу Кодекснинг 228-моддасида назарда тутилган гувоҳнома бериш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишни амалга оширади; гувоҳнома конструкциянинг тури бўйича берилаётганда — конструкциянинг маълум қилинган тури бўйича тайёрланган бир ёки бир нечта транспорт воситасининг ушбу Кодекснинг 228-моддасида назарда тутилган гувоҳнома бериш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишни амалга оширади. Божхона органи томонидан гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ҳамда гувоҳнома бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш муддатлари ариза қабул қилинган санадан эътиборан қуйидаги муддатлардан ошмаслиги керак: гувоҳнома якка тартибда берилганда — ўн иш кунидан; гувоҳнома конструкциянинг тури бўйича берилганда — йигирма иш кунидан. Гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик ва гувоҳнома берганлик учун божхона йиғимлари ундирилмайди. Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай аризачига гувоҳнома бериши (юбориши) ёки гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақида уни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Лицензия» ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт. Аризачи гувоҳнома бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Лицензия» ахборот тизими орқали хабарнома олганидан кейин республиканинг исталган божхона органига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан белгиланган шаклда тўлдирилган гувоҳномани тақдим этади. Божхона органи гувоҳнома маълумотларини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Лицензия» ахборот тизими орқали текширади ва уни муҳр билан тасдиқлайди. Гувоҳнома беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади: гувоҳнома бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг аризачи томонидан тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги; автотранспорт воситасининг ушбу Кодекс 227-моддасида белгиланган талаблар ва шартларга номувофиқлиги; аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги. Гувоҳнома беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан рад этишга йўл қўйилмайди. Ушбу модда олтинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган фактлар аниқланганда, агар аризада бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, божхона органи уларни бартараф этиш учун аризачига муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома божхона органи томонидан бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Лицензия» ахборот тизими орқали электрон шаклда аризачига юборилади. Хабарномада тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ўттиз иш кунидан ошмаслиги керак. Божхона органи аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида аризачига малакали ходимларни излашда, ҳужжатларни ва дастурларни маромига етказиш учун мутахассисларни жалб этишда, шунингдек гувоҳномани олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда кўмаклашиши ва зарур маслаҳатлар бериши керак, бундан аризачи таклиф этилган ёрдамни рад этган ҳоллар мустасно. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборилган тақдирда, гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, божхона органи гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда гувоҳнома беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди. Гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги хабарда рад этиш сабаблари ва қонунчиликнинг нормалари кўрсатилиши лозим. Аризачи рад этиш сабабларини бартараф қилишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабар олинган санадан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади. Гувоҳнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аризачи томонидан бартараф қилинган тақдирда аризани такроран кўриб чиқиш ва (ёки) автотранспорт воситасини текшириш, гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш ариза қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан ошмайдиган муддатда божхона органи томонидан амалга оширилади. Хабарда кўрсатилган муддат тугаганидан кейин берилган ариза янгитдан берилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади. Гувоҳнома бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда илгари кўрсатилмаган асосларга кўра гувоҳнома беришни рад этишга йўл қўйилмайди. Аризачи божхона органининг гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек божхона органи мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.