Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) даъвогарлар — иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан;
2) даъвогарлар — алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
3) даъвогарлар — меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
4) даъвогарлар — қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;
5) даъвогарлар — жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
5¹) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
5²) педагог ходимлар — касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан;
5³) даъвогарлар — зўравонликдан жабрланган болага (болаларга) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
6) юридик ва жисмоний шахслар — алиментларни ундиришга доир фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун;
7) қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар;
10) истеъмолчилар — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан;
11) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари — истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар юзасидан;
12) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилишнинг тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;
13) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан, шунингдек жисмоний шахсларга тегишли бўлган, тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда жисмоний шахслардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан;
13¹) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар юзасидан;
13²) кўп квартирали уйларни бошқариш органлари — кўрсатилган хизматлар учун мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда;
14) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;
16) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;
17) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар юзасидан;
18) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — пенсионерлардан ортиқча (ноқонуний) тўланган пенсияларнинг суммаларини ундириш билан боғлик даъволар юзасидан;
19) Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари — кўчиш жойига бормаган ёки кўчиб борган жойларини ўзбошимчалик билан тарк этган кўчириб келтирилувчиларга нисбатан кўчиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида тақдим этилган даъволар юзасидан;
20) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, шунингдек қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
21) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
22) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ ишлар юзасидан;
22¹) суғурта қилдирувчилар (суғурталанган шахслар, наф олувчилар, жабрланувчилар) — мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан;
23) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;
24) ички ишлар органлари — алиментлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш учун қилинган харажатларни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;
25) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
26) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
27) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги ишлар юзасидан;
28) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;
29) Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун бериладиган даъволар ва шикоятлар юзасидан;
30) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар юзасидан;
31) Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан;
33) якка тартибдаги қурувчи билан шартномага кўра қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилиши чоғида зиммасига буюртмачи вазифасини бажариш қонунчиликка мувофиқ юклатилган юридик шахс — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш масалалари юзасидан якка тартибдаги уй-жой қурувчилар билан низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича;
34) қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонунчиликка мувофиқ қайси тижорат банкларининг зиммасига юклатилган бўлса, ўша тижорат банклари — қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;
35) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;
36) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;
37) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
37¹) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
38) Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;
39) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
40) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
41) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
42) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
43) Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари — хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан;
44) «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъволар, аризалар ҳамда шикоятлар юзасидан;
45) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Агентлик тизимидаги ташкилотлар:
тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бериладиган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан;
болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги, уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болаларни ота-оналаридан уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этмасдан олиб қўйиш ҳақидаги, шунингдек, агар ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ота-оналарнинг ўз болалари билан биргаликда яшаши мумкин эмас деб белгиланса, уларни бошқа турар жой бермасдан кўчириб юбориш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳамда оилалар манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
46) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) — фуқаролар манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар ва даъволар билан судга мурожаат қилганда;
47) иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар — тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда.
Ушбу модда биринчи қисмининг 10, 13², 14, 33 — 36, 37¹ ва 47-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
lex.uz’dagi asl matn«Davlat boji to'g'risida»gi qonun
8-modda. Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш
(8-модда биринчи қисми 45-бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 1 июлдаги ЎРҚ-1156-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.07.2026 й., 03/26/1156/0670-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.