«Davlat boji to'g'risida»gi qonun

19-modda. Судларда давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари

(19-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги ЎРҚ-943-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2024 й., 03/24/943/0616-сон)

Судларга бериладиган даъво аризаларидан, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалардан, маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича судларга бериладиган шикоятлардан, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятлардан, шунингдек судлар томонидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи қуйидаги тартибда ундирилади: шартномаларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги, шартномаларни бекор қилиш тўғрисидаги ёки уларнинг шартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги даъво аризаларига шартнома тўлалигича ёки унинг бирон-бир қисми низолашилаётганлигидан қатъи назар, шартнома олди низолари бўйича аризалар учун белгиланган ставкалар бўйича тўланади; қарши даъво аризаларидан, шунингдек учинчи шахсларнинг ишга мустақил даъво талаблари билан киришганлиги тўғрисидаги аризалардан давлат божи умумий асосларда ундирилади. Ишдан дастлабки даъвогар чиқиб кетган ва у ҳуқуқий ворис билан алмаштирилган ҳолларда, давлат божи, агар у дастлабки даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ҳуқуқий ворисдан ундирилади. Судья бир ёки бир нечта бирлашган даъво талабини алоҳида иш юритиш учун ажратган тақдирда, даъво тақдим этилганда тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. Алоҳида иш юритувга ажратганлик юзасидан давлат божи иккинчи бор тўланмайди. Илгари кўрмасдан қолдирилган такроран берилган аризалар бўйича давлат божи қайтадан умумий асосларда тўланади. Агар ариза кўрмасдан қолдирилганлиги муносабати билан давлат божи қайтарилиши керак бўлса-ю, лекин қайтарилмаса, агар давлат божи бюджетга ўтказилган кундан эътиборан фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ даъво муддати тугамаган бўлса, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги дастлабки ҳужжат такроран берилган аризага илова қилиниши мумкин. Давлат божи ҳисоблаб чиқариладиган даъво баҳоси даъвогар томонидан, белгиланган ҳолларда эса фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал қонунчиликка мувофиқ суд томонидан аниқланади. Агар ишни муҳокамага тайёрлаш кунида даъвогар алиментларни ундириш тўғрисидаги ишни тугатиш ҳақида ариза берган бўлса, бундай ҳолларда жавобгардан давлат божи ундирилмайди. Даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди. Даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ тўланади. Даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган тақдирда даъво қаноатлантирилса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига белгиланган даъво суммасига мувофиқ ундирилади. Даъво биргаликда бир нечта даъвогар томонидан бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда, давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади. Даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда давлат божи қуйидаги ҳолларда ҳам ундирилади: даъво даъвогар томонидан бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда; даъво аризаларини қабул қиладиган судья бир турдаги бир неча талабни бир иш юритувига бирлаштирганда. Давлат божини тўлашдан озод этилган бир ёки бир нечта даъвогар томонидан бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилган даъво тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда давлат божини ундириш суднинг ҳал қилув қарорига биноан ҳар бир жавобгардан белгиланган қарз суммасидан келиб чиққан ҳолда алоҳида-алоҳида амалга оширилади. Агар бундай даъво бир нечта даъвогар томонидан бир жавобгарга нисбатан тақдим этилган бўлса, давлат божи жавобгардан умумий белгиланган қарз суммасидан келиб чиққан ҳолда бюджетга ундирилади. Суд бошқа шахсни иккинчи жавобгар сифатида жалб қилган ва даъво суммасининг бир қисмини бир жавобгардан, қолган қисмини эса иккинчисидан ундиришга ҳукм қилган тақдирда ва, агар бунда даъвогар давлат божини тўлашдан озод қилинган бўлса, давлат божи даъвонинг қаноатлантирилган умумий суммасидан ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ҳар бир жавобгардан унга белгиланган даъво суммаси миқдорига мутаносиб равишда бюджетга ундирилади. Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги туфайли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божининг суммаси жавобгардан суд ажрими бўйича бюджетга ундирилади. Даъвогар аризада даъво суммасини кўрсатмаган ҳолларда судья даъво аризасини қабул қилиш асносида, даъвонинг тахминий баҳосидан келиб чиққан ҳолда тўланиши лозим бўлган давлат божининг миқдорини дастлабки тарзда белгилайди. Агар суд ҳал қилув қарорини чиқарганда даъвонинг умумий суммаси ошса, давлат божи даъвонинг ошиб кетган суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вужудга келган фарқ даъвогардан ёки даъво тўлиқ қаноатлантирилган тақдирда — жавобгардан бюджет даромадига ундирилиши лозим. Суд даъвогар аризада кўрсатган талаблар доирасидан қонунчиликда белгиланган ҳолларда иш ҳолатларига боғлиқ равишда чиқиб кетганда ҳам давлат божи шундай тартибда ҳисоблаб чиқарилади. Бундай ҳолларда даъво қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи жавобгардан даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, давлат божининг қолган қисми эса даъвогардан ундирилиши лозим. Суд мол-мулкни мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган тақдирда, давлат божи мол-мулкнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда суд томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ҳар бир меросхўрдан унинг улушига мутаносиб равишда ундирилади. Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги, мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги, мол-мулкдаги улушга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш тўғрисидаги, умумий мол-мулкдан улуш ажратиш ҳақидаги ва меросхўрларнинг ўзларига тегишли мол-мулк улушини талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво аризалари учун давлат божи ушбу мол-мулк ёки унинг улуши қийматидан келиб чиққан ҳолда тўланиши лозим. Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризалари учун мулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар бўйича ва номулкий хусусиятга эга даъво аризалари учун белгиланган ставкаларга кўра, ҳар бир талаб бўйича алоҳида-алоҳида давлат божи тўланади. Қиймат жиҳатидан баҳоланмайдиган талаблар (ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган жойларни бўшатиш тўғрисидаги, натура шаклида майдон бериш ҳақидаги, топшириш балансини қабул қилишга мажбурлаш билан боғлиқ низолар ва бошқалар) номулкий хусусиятга эга даъво аризалари жумласига киради. Никоҳни бекор қилиш билан бир вақтда мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризаларидан никоҳни бекор қилганлик учун ва мол-мулкни бўлганлик учун давлат божи ундирилади. Даъво аризасини (аризани, шикоятни) қайтаришга асос бўлган шароитлар бартараф этилганидан сўнг такроран бериладиган даъво аризаларига (аризаларга, шикоятларга) давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги дастлабки ҳужжат давлат божи такроран тўланишининг олдини олиш учун илова қилиниши мумкин. Аризачи давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолларда даъво қаноатлантирилган тақдирда давлат божи, агар жавобгар давлат божини тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан ундирилади. Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб билдирилган талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Муайян судда кўрилиши лозим бўлган бир нечта иш учун бир тўлов топшириқномаси бўйича давлат божи ўтказилган ҳолларда топшириқнома ишларнинг бирига илова қилинади. Мазкур иш бўйича тўланган давлат божининг суммаси тўғрисида қолган ишларга белги қўйилади ва тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган иш кўрсатилади. Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтарилмайди. Даъво ундирувчи томонидан қарздорга нисбатан даъво ишини юритиш тартибида қўзғатилган тақдирда у тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади. Пул маблағлари мавжуд бўлмаган ва бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Банк тасдиғида судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана қайд этилган бўлиши керак. Акциядорлар акциядорлик жамиятининг фаолиятидан келиб чиқадиган низолар бўйича ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъво билан иқтисодий судга мурожаат қилган тақдирда акциядорларга давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундириб олинади. Суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш жараёнида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун даъво аризалар ҳамда бошқа аризалар билан давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилади. Давлат божи «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 59-моддасида белгиланган тартибда суд бошқарувчиси томонидан тўланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.