Банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида банклар ва банк гуруҳлари ҳисоблаб чиқариш тартиби ва йўл қўйиладиган қийматлари Марказий банк томонидан белгиланадиган пруденциал нормативларга риоя этиши шарт.
Банклар ва банк гуруҳлари учун пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади, бундан микромолия банклари мустасно:
капиталнинг монандлик коэффициентлари;
бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори;
йирик кредит таваккалчиликларининг ва инвестицияларнинг энг кўп миқдори;
соҳалар кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентлари;
ликвидлик коэффициентлари;
банкнинг алоқадор шахслари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори;
таъминотсиз кредитлар (ишончга асосланган кредитлар) беришнинг энг кўп миқдори;
банкнинг активларини таснифлашга ва уларнинг сифатини баҳолашга, банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни активларни таснифлаш асосида шакллантиришга доир талаблар;
юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) сотиб олинадиган улушлар ва акцияларнинг энг кўп миқдори;
кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни сотиб олишга ҳамда унга эгалик қилишга доир талаблар;
очиқ валюта мавқеи лимитлари;
умум қабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ Марказий банк томонидан белгиланадиган бошқа пруденциал нормативлар.
Микромолия банклари учун пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
капиталнинг монандлиги коэффициентларини;
бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;
ликвидлилик коэффициентларини;
микромолия банкининг алоқадор шахслари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;
умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ Марказий банк томонидан белгиланадиган бошқа пруденциал нормативларни.
Микромолия банкининг устав капитали миқдори ушбу Қонун 13-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган банк устав капиталининг миқдорига мувофиқ бўлган ҳолларда, мазкур микромолия банки ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган пруденциал нормативларга риоя этиши шарт. Бунда бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори ушбу Қонун 7-моддаси учинчи қисмининг учинчи хатбошисида белгиланган миқдордан ошмаслиги керак.
Банклар активлар бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўзининг капиталини ва ликвид ресурсларини етарли даражада сақлаб туриши, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни активларни таснифлаш асосида шакллантириши, шунингдек ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши керак.
Марказий банк банклар, банклар гуруҳи ва тизимли аҳамиятга эга банклар учун мазкур банкка, тизимли аҳамиятга эга банкка ва банклар гуруҳига хос таваккалчилик омилларининг энг кўп ўзгаришлари чоғида юзага келадиган эҳтимолдаги зарарларнинг ўрнини қоплаш учун ликвидлик ва капиталнинг етарлилик коэффициентларига қўшимча устамалар белгилашга ҳақли.
Пруденциал нормативларга келгусидаги ўзгартишлар ушбу ўзгартишлар амалга киритилишидан камида бир ой олдин Марказий банк томонидан расман эълон қилинади.
lex.uz’dagi asl matn«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун
38-modda. Банклар ва банк гуруҳлари томонидан пруденциал нормативларга риоя этиш
(38-модда иккинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 февралдаги ЎРҚ-1026-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.02.2025 й., 03/25/1026/0131-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.