«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун

16-modda. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш

(16-модда биринчи қисмининг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2026 й., 03/26/1126/0279-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 29 июнь)

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун ариза берувчи банк ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин уч ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади, бундан банкни микромолия ташкилоти фаолиятини ўзгартириш орқали ташкил этиш мустасно: банк икки ва ундан ортиқ шахслар томонидан ташкил этилганда таъсис шартномасини; икки нусхадаги банк уставини; банкни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни; муассислар (акциядорлар) рўйхатини; ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган ҳар бир бевосита ва билвосита муассис (эгалик қилувчи), шу жумладан охирги бенефициар мулкдор тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни; ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган шахслар мавжуд бўлмаган тақдирда, банкнинг устав капиталида энг кўп улушларга эга бўлган, умумий улуши камида эллик фоизни ташкил этадиган бевосита ва билвосита муассислар (эгалик қилувчилар), шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан ушбу Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни; муассис (акциядор) бўлган юридик шахснинг аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган охирги уч йил учун молиявий ҳисоботларини; банкнинг устав капиталини шакллантириш (тўлдириш) учун киритиладиган маблағларнинг манбалари тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни; банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари тўғрисидаги, бу аъзоларнинг ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни; банкнинг ташкилий тузилмасини; банкнинг ички аудит хизмати тўғрисидаги низом лойиҳасини; банкнинг кейинги уч йилга мўлжалланган бизнес-режасини; кейинчалик банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим бўлган, банкнинг кредит (молиялаштириш), инвестиция ва эмиссия сиёсатининг лойиҳаларининг, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат сиёсати лойиҳаларининг кўчирма нусхаларини. Исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун ариза берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим этади: банкнинг исломий молия кенгаши, исломий молия масалалари бўйича махсус бўлинмаси ва исломий молия бўйича ички аудити тўғрисидаги низомлари лойиҳаларини; исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати лойиҳасини; банкнинг исломий молия кенгаши аъзолари тўғрисидаги ҳамда исломий молия кенгаши аъзоларининг ушбу Қонун 36-моддасининг талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ариза берувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризада электрон почта манзилини кўрсатишга ҳақли. Электрон почта манзилининг кўрсатилиши ариза юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани олишга ёки ахборот коммуникация тизими орқали электрон шаклда қўшимча ахборотни сўраб олинишига бўлган розиликдир. Тақдим этилган ҳужжатларда Марказий банк томонидан камчиликлар аниқланган ва (ёки) ушбу модданинг биринчи ва (ёки) иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган тақдирда, Марказий банк ариза берувчига бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ва (ёки) тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган ҳолдаги хабарномани ариза тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида юборади. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ариза банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан уч ой ичида Марказий банк томонидан кўриб чиқилиши керак. Мазкур муддат ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда тўрт ойгача узайтирилиши мумкин. Агар ариза берувчи томонидан тақдим этилган, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар ва ахборот банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк ариза берувчидан қўшимча ҳужжатлар ва ахборот сўрашга ҳақлидир. Ариза берувчи Марказий банк сўраган ҳужжатлар ва ахборотни сўров олинган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда ушбу модданинг еттинчи қисмига мувофиқ тақдим этиши керак, ушбу муддат мобайнида банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқиладиган уч ойлик давр тўхтатиб турилади. Марказий банк ариза берувчини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома олинган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддат ичида юридик кучини сақлаб туради. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома қуйидаги ҳолларда амал қилиш муддати тугашидан олдин бекор қилинади: дастлабки рухсатнома сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда; илгари баҳолашдан ўтган ва ушбу Қонуннинг 24-моддаси талабларига жавоб берган муассислар, бевосита ёки билвосита эгалик қилувчилар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар эндиликда ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаганда; илгари баҳолашдан ўтган ва ушбу Қонуннинг 36-моддаси талабларига жавоб берган банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва (ёки) банкнинг исломий молия кенгаши аъзоларидан бири эндиликда ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаганда, шунингдек банк кузатув кенгаши, бошқаруви ва (ёки) банк исломий молия кенгашининг янги тайинланган аъзолари тўғрисида ахборот тақдим этилмаганда; тақдим этилган бизнес-режага таркибий ўзгартишлар киритилганда; банкни хавфсиз ва барқарор бошқаришни таъминлаб бўлмаслигини кўрсатувчи фактлар аниқланганда.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.