Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.
Адвокатлик фирмасининг таъсис ҳужжати унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган уставдир.
Адвокатлик фирмасини таъсис этган адвокатлар оддий ёзма шаклда ўзаро шериклик шартномасини тузади. Шериклик шартномасига кўра адвокатлар — шериклар барча шериклар номидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мажбуриятини олади.
Шериклик шартномасида унинг амал қилиш муддати, шериклар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, бошқарувчи шерикни сайлаш тартиби, унинг ваколатлари ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилади.
Адвокатлик фирмасининг умумий ишларини юритиш, агар шериклик шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, бошқарувчи шерик томонидан амалга оширилади. Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги битим (шартнома) бошқарувчи шерик ёки барча шериклар номидан улар берган ишончномалар асосида бошқа шерик томонидан тузилади. Ишончномаларда ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар билан битимлар (шартномалар) ҳамда келишувлар тузаётган шерик ваколатларининг барча чекловлари кўрсатилади. Мазкур чекловлар ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар эътиборига етказилади.
Шериклик шартномаси қуйидаги ҳолларда тугатилади:
шериклик шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
шериклардан бири бўлган адвокатнинг мақоми тугатилганда ёки тўхтатиб турилганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса;
шериклардан бирининг талабига кўра шериклик шартномаси бекор қилинганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса.
Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан унинг иштирокчилари ишонч билдирувчи шахсларга (ҳимоя остидаги шахсларга) ва учинчи шахсларга нисбатан ижро этилмаган умумий мажбуриятлар бўйича солидар тартибда жавобгар бўладилар.
Шериклардан бири шериклик шартномасидан чиққанда у ўзи юридик ёрдам кўрсатган барча ишлар бўйича иш юритишни бошқарувчи шерикка топшириши шарт.
Шериклик шартномасидан чиққан адвокат шериклик шартномасида ўзи иштирок этган даврда юзага келган умумий мажбуриятлар бўйича ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.
Шериклик шартномаси тугатилганидан кейин адвокатлар янги шериклик шартномасини тузишлари шарт. Агар янги шериклик шартномаси аввалги шериклик шартномасининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан бир ой ичида тузилмаса, адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилиши ёки тугатилиши керак.
Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан ва адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилгунига қадар ёхуд янги шериклик шартномаси тузилгунига қадар адвокатлар юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимлар (шартномалар) тузишга ҳақли эмас.
lex.uz’dagi asl matn«Advokatura to'g'risida»gi qonun
4²-modda. Адвокатлик фирмаси
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.